Ссылки доступа

Самарқандда СССРни қайта тиклаш бўйича тарғибот олиб борган шахснинг озодлиги чекланди


Самарқандда ССCРни қайтадан тузишга уринганликда айбланган шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий Cуд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Суд ҳужжатларида келтирилишича, фуқаро Э.Хасанов 1979 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаб, Самарқанд шаҳридаги 11-сонли кечки мактабда икки йил математика фанидан дарс берган, сўнгра «Ватанпарвар» ташкилотида ишлаб, 2011 йили нафақага чиққан.

Судланувчи Ўзбекистон ҳудудида СССРни қайта тиклаш билан боғлиқ тарғибот тадбирлари билан фаол тарзда шуғулланиб келган. У Telegram'даги “Узбекская ССР/СССР” номли гуруҳга аъзо бўлиб, ушбу гуруҳга ўзи томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги юзаки эканлиги ҳақида материалларни гуруҳ аъзоларига тарқатиб келган.

Унинг материалларида ҳозирги кунга қадар расман собиқ Совет иттифоқи тарқалмаганлиги, унинг таркибига кирган 15 та республика АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллигини эълон қилганлиги ва тез орада собиқ Иттифоқ давлатлари қайтиб СССРга қўшилишлари” тўғрисидаги фикрлар келтириб ўтилганлиги аниқланган.

2024 йил 6 март куни мазкур гуруҳни кўздан кечириш давомида судланувчи томонидан собиқ Иттифоқни қайта тиклаш юзасидан кўплаб видео ва аудио материаллар жойлаштирилганлиги аниқланиб, мазкур материаллар процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Судланувчи 2021 йилда россиялик Олег Туришкиннинг маърузаларини тинглашни бошлаган. Россия фуқароси ундан СССР фуқаролигидан чиқиш бўйича ариза билан мурожаат қилганмисиз, дея сўраган. Йўқ, деган жавобни берганидан сўнг уни «Гос.реестр СССР» номли гуруҳга қўшиб қўйган. Орадан вақт ўтиб Олег Туришкин фуқарога «СССР фуқароси» ҳақидаги гувоҳномани почта орқали жўнатган.

Сўнгра 2023 йил 3 январда у Москвага бориб, у ерда Совет Иттифоқини тиклаш учун тарафдорларни тўплаётган одамлар билан учрашган. Улар ушбу давлат ҳали қонунан тарқалмаганини, Иосиф Сталин давридаги Конституция ва қонунларга қайтишини, 15 давлатни қонуний йўллар орқали тез йилларда бирлаштиришларини айтган.

Комплекс суд-сиёсатшунослик лингвистик экспертизаси хулосасига кўра, унинг материалларида Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, бузишга очиқдан очиқ даъват қилувчи ғоялар мавжуд.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG