Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги (КХШТ) ўз аъзолигини "музлатиб қўйганини" маълум қилди.
“Сизларга маълум, Арманистон КХШТдаги ўз аъзолигини "музлатиб қўйганди". Биз бу қарорни ҳозирча етарли деб ҳисоблаймиз" - деди Пашинян 31 август куни Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Унинг қўшимча қилишича, Арманистон КХШТдан тўлиқ чиқадиган кун ҳозирча номаълум.
Жорий йилнинг февраль ойида Пашинян Арманистон КХШТдаги ўз аъзолигини “музлатиб қўйгани”ни билдирган эди. Баҳорда мамлакат ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиб қўйганди. Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистоннинг КХШТ олдидаги молиявий мажбурияти сақланаётганини маълум қилган.
Пашинян МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида ҳам иштирок этмай қўйган эди.
Аввалроқ, Пашинян мамлакатнинг хавфсизлик бўйича Россияга қарам қилиб қўйилгани “стратегик хато” бўлгани ҳақида гапирган эди. У Россиянинг Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар кучларини ҳам танқид қилган ва уларни ўз вазифаларини бажара олмаганликда айблаган.
КХШТга Арманистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларусь аъзо давлат ҳисобланади.
Пашиняннинг айтишича, Арманистон КХШТдан тўлиқ чиқадиган кун ҳозирча номаълум.