Қозоғистон Тожикистондан электр энергиясини Ўзбекистон энергетика инфратузилмаси орқали импорт қилишни режалаштирмоқда, дея хабар берди Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
2023 йилда Қозоғистон ва Тожикистон 2023−2032 йилларда Роғун ГЭСидан электр энергияси етказиб беришни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолаган.
Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Тожикистон бош вазири ўринбосари Усмонали Усмонзода ва Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири ўринбосари Манучеҳр Сафарзода билан музокаралар ўтказди. Томонлар Қозоғистонга электр энергиясини экспорт қилишнинг эҳтимолий техник параметрлари ва тижорат шартларини кўриб чиқмоқда.
Январь ойида Алмасадам Саткалиев Қозоғистонда 2023 йилда электр энергияси истеъмоли аввалги йилги 112,9 миллиард кВт/соатдан 115 миллиардга ошгани, ишлаб чиқариш эса 112,8 миллиард кВт/соатни ташкил этгани ҳақида хабар берган эди. Қозоғистон анъанавий равишда электр энергияси танқислигини Россиядан импорт ҳисобига қоплайди. Аввалроқ «Курсив» Россиянинг «Интер РАО» компанияси 2024 йилнинг биринчи ярмида Қозоғистонга 1,6 миллиард кВт/соат электр энергияси экспорт қилганини ёзган эди. Худди шу компания Ўзбекистонга ҳам электр энергияси етказиб бериш ниятида.
2018 йилда Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этиш имкониятини кўриб чиққанди, бироқ якуний қарор қабул қилинмаган. 2022 йилда ҳукумат ёзда Роғун ГЭСидан электр энергияси сотиб олиш ниятини ҳам билдирганди.
Вахш дарёсидаги станциялар каскадида жойлашган Рогун ГЭСи ҳар бири 600 МВт қувватга эга олтита агрегатга эга бўлади. Умумий қуввати 3600 МВт (17 миллиард киловатт соатдан ортиқ) бўлган Роғун ГЭСи минтақадаги энг йирик гидроЭлектр станциясига айланади.
Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Тожикистон бош вазири ўринбосари Усмонали Усмонзода ва Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири ўринбосари Манучеҳр Сафарзода билан музокаралар ўтказди.