Ссылки доступа

Қозоғистонда қаровсиз қолган уч бола Ўзбекистонга қайтарилди


Қозоғистонда турли сабабларга кўра қаровсиз қолиб кетган уч нафар бола Ўзбекистонга олиб келинган. “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, вояга етмаган бу болалар ватанига Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида қайтарилган.

Қайд этилишича, ўзбек дипломатлари саъй-ҳаракати билан “Қийин аҳволдаги болаларни қўллаб-қувватлаш маркази” ва Олмаота шаҳар таълим бошқармаси билан биргаликда 17 ёшли И.Р., 12 яшар С.Р. ва эндигина иккига кирган М.Н.ни Ўзбекистонга қайтариш бўйича барча зарур ҳужжатлар тайёрланган.

Бош консулхона ходимлари вояга етмаган болаларни шу йилнинг 24 августида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ходимига топширганлар.

Агентлик хабарида бу болаларнинг Қозоғистонда қаровсиз қолиб кетганига нима сабаб бўлганига аниқлик киритилган эмас.

Аввалроқ Озодлик Болалар омбудсмани тарқатган маълумотга таянган ҳолда Россияда қаровсиз қолиб кетган 31 нафар бола Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG