“Афғонистоннинг Ўзбекистондаги вертолётлари ва учоқлари тақдирига оид ҳар қанақа битим мақбул эмасдир”, дейилган Афғонистон Ислом амирлиги Миллий мудофаа вазирлигининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёйинланган баёнотида.
“Толибон” вакиллари иддаосича, “Қўшма Штатларнинг Афғонистонга тегишли мулкни мусодара қилишга ва тақдимлашга ҳаққи йўқ”.
Толиблар Ўзбекистон ҳукуматига “бу каби ҳар қандай битимдан тийилиш”ни, “яхши қўшничилик алоқаларини акс эттирувчи оқилона қарорлар қабул қилиш”ни ҳамда Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли учоқ ва ветролётларни Кобулга “қайтариб беришда ҳамкорлик қилиш”ни “қатъий тарзда” тавсия қилишган.
АҚШ ва Ўзбекистон расмийлари “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида Кобулни эгаллаганидан кейин Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учиб ўтган ҳарбий учоқ ва вертолётларнинг кейинги тақдири бўйича келишувга эришгани ҳақида аввалроқ АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник билдирган эди.
Элчига кўра, томонлар бу борада аллақачон қўшма дастурни амалга оширишни бошлашган.
“Толибон” ҳаракати Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олган 2021 йилда афғонистонлик учувчилар мамлакатдаги учоқ ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтишга муваффақ бўлган.
Ўшанда бортида 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий учоқ ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 va Mi-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини кесиб ўтган эди.
“Толибон” вакиллари мазкур учоқ ва вертолётлар Афғонистон мулки экани ва улар қайтарилиши лозимлиги ҳақида аввал ҳам бир неча бор баёнот беришган. Бунга жавобан расмий Тошкент учоқ ва вертолётлар АҚШ мулки экани, уларни қайтариб бўлмаслигини билдириб келаётганди. Ўзбек расмийларининг бу баёнотини кейинроқ америкалик мутасаддилар ҳам тасдиқлашган.