Қозоғистон Журналистлар уюшмаси (ҚЖУ) Франция ҳукуматини Павел Дуровнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлашга ва ушбу иш бўйича холис текширув ўтказишга чақирди.
Ташкилот баёнотида қайд этилишича, Телеграм мессенжери асосчисининг қўлга олиниши "эркинлик, демократия ва сўз эркинлиги тамойиллари учун курашувчиларнинг барчасида хавотир уйғотди."
"Шуни инобатга олиш керакки, мустақил ОАВ мунтазам равишда таъқибларга дуч келадиган, интернет сайтлар мунтазам блокланадиган қатор мамлакатларда Павел Дуров томонидан яратилган Телеграм жамоатчиликка цензурадан холи бўлган холис ва ишончли ахборотни етказишнинг деярли ягона манбаи ҳисобланади," - дейилади ҚЖУ мурожаатида.
Ташкилотнинг эслатишича, 2018 йилда Павел Дуров Қозоғистон Журналистлар уюшмаси мукофотига "айнан цензурага қарши принципиал позицияси учун" сазовор бўлган. "Унинг ҳибсга олиниши ривожланаётган мамлакатларда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин."
"Франция тарихан бутун эркин дунё учун демократиянинг таянчи ва байроқдори бўлиб келган, шунинг учун Қозоғистон Журналистлар уюшмаси холис текширув ўтказилиши ва унинг натижасида демократия манфаатларига жавоб берадиган адолатли ва инсонпарвар қарорга келинишига умид билдиради," - дейилади хабарда.
Telegram асосчиси Павел Дуров Париждаги Ле-Бурж аэропортида қўлга олингани ҳақида 24 август оқшомида маълум бўлганди. Франция нашрлари хабарига кўра, Дуров ўша куни сўроқ қилиниб, ҳибсга олинган. Тадбиркор Францияга хусусий учоқда Озарбайжондан учиб келган эди.
Франциядаги суд душанба куни Дуровнинг ҳибсда қолиш муддатини 48 соатга узайтирди.
Қозоғистон Журналистлар уюшмаси Дуровнинг ҳибсга олиниши муносабати билан Франция ҳукуматига мурожаат қилди
Ташкилот баёнотида қайд этилишича, Телеграм мессенжери асосчисининг қўлга олиниши "эркинлик, демократия ва сўз эркинлиги тамойиллари учун курашувчиларнинг барчасида хавотир уйғотди."