Самара вилоятида мигрантларга савдо-сотиқ, умумий овқатланиш ва биноларни ижарага бериш тақиқланди.
Вилоят губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи Вячеслав Федоришев савдо корхоналарига уч ой ичида патент асосида ишлаётган барча мигрантларни ишдан бўшатишни буюрди.
Idel.Реалии нашрининг аниқлик киритишича, муҳожирларга чакана савдо қилишда ишлаш тақиқланган. Шунингдек, мигрантларга сут ва нон маҳсулотлари, болалар овқатлари, ичимлик суви ишлаб чиқараётган корхоналарда, умумий овқатланиш шохобчаларида ва етказиб беришда (курьерлик), алкоголли ичимликлар ва этил спирти, тамаки маҳсулотлари, дори-дармонлар, тухум ва сут маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдосида ишлаш тақиқланди.
Бундан ташқари, муҳожирларга маълумотларни қайта ишлаш, маълумотлар базасини яратиш, маълумотларни жойлаштириш, шунингдек, уй, квартира ва хоналарни қисқа муддатли ижарага бериш фаолияти тақиқланади.
Маҳаллий ҳокимиятнинг таъкидлашича, чекловлар "фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида" киритилган.
Аввалроқ Самарада муҳожирларга таксида, жамоат транспортида, таълим соҳасида, шунингдек, ходимларни танлаш агентликларида патент асосида ишлаш тақиқланган эди.
Ушбу тақиқлар Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар фуқароларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Россия давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, бу тақиқлар фақат "Ўзбекистон, Тожикистон, Молдова, Озарбайжон фуқароларига" тааллуқлидир. Бу чоралар Арманистон, Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон ҳамда виза режимга эга бўлган бошқа мамлакатларнинг чет эл фуқаролари нисбатан татбиқ этилмайди.
Аввалроқ Россиянинг 18 та субъектида шунга ўхшаш тақиқлар жорий этилган эди. Улар орасида Калининград, Калуга, Новгород, Новосибирск, Самара, Тула, Челябинск ва бошқа вилоятлар, шунингдек, Камчатка ва Красноярск ўлкаси, Қрим ва Якутия бор.
Савдо корхоналарига уч ой ичида патент асосида ишлаётган барча мигрантларни ишдан бўшатиш буюрилди.