Ссылки доступа

Лукашенко "Россияни қўлламаётган" Ўзбекистонни танқид қилди (видео)


Беларусь президенти Александр Лукашенко “Москва ва Минскни етарлича дастакламаётган” Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийларидан ўпкалади. Бу ҳақда у “Россия” телеканалига берган интервьюсида билдирди.

Лукашенкога кўра, Россия ва Беларусь “айрим постсовет давлатларидай питирлаётгани йўқ”: улар Россиядан нимадир олишни исташади, эвазига ҳеч нарса беришни исташмайди.

“Бунақаси кетмайди. Келинг, бирга бўлайлик. Ўша Россиянинг ёнига келиб, дастак ва ёрдам сўрашингизга кўп вақт қолгани йўқ”, дея билдирди у.

Лукашенко ўз сўзида 2,5 йил муқаддам Қозоғистонга КХШТ томонидан берилган ёрдамни таъна қилди.

“Мана, Қозоғистонда нимадир бўлганида, кимдан ёрдам сўрашди? Хитой, Ҳиндистон, Покистон уларнинг ёнидами? Йўқ! Путин, Лукашенко, ёрдам беринглар! Ва биз у ёққа [КХШТнинг тинчликпарвар кучларини] ташладик, ярим кун ичида бизнинг учоқлар Қозоғистонга қўнди. Ҳаммасини тинчитиб қўйдик”, деган Беларусь президенти 2022 йилдаги Қозоғистонда содир бўлган Январь воқеаларини эслар экан.

У ўз сўзида АҚШ ва ЕИ мамлакатларининг Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан ишлаб чиқарган товарларга эҳтиёжи йўқлигини урғулади.

“Қозоғистон, Ўзбекистонни товарлари билан Америка ёки Европа Иттифоқида кутишяпти, деб ўйлайсизми? Йўқ. Шундай вазият келадики, сиз кимдандир эмас, биздан ёрдам сўрайсиз, буни англаш керак. Сизга ҳеч ким ёрдамга келмайди. Шунинг учун борини йўқотишдан нима наф?” дея қўшимча қилган Лукашенко.

Мазкур интервьюдан кейин Беларуснинг Остонадаги элчиси Павел Утюпин Қозоғистон ТИВга чақирилган. Элчи билан суҳбат чоғида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Беларусь томонини содир бўлаётган ташқи сиёсий жараёнларга нисбатан Остонанинг позициясини холис баҳолашга чақирган. Вазир Нуртлеу ҳозирги геосиёсий шароитда Қозоғистон расмийлари олиб бораётган ташқи сиёсат ўз самарадорлигини исботлаганини урғулаган.

XS
SM
MD
LG