Ссылки доступа

"Керемет банк" Россия банклари орқали пул ўтказмаларини тўхтатди


Маҳаллий ОАВ ёзишича, бош регулятор тижорат банкларига Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШ санкциялари остидаги Россия банклари билан ҳамкорликни тўхтатишни буюрган.

"Керемет банк" тижорат банки қатор Россия банкларининг мобил иловалари орқали пул ўтказмалари тўхтатилганини маълум қилди. Бу ҳақда 20 август куни банк матбуот хизмати хабар берди.

Банк маълумотларига кўра, "Сбербанк," "МТС Банк," "Тбанк" (Тинкофф) ва Россия Федерациясининг миллий тўлов тизими оператори "НСПК" АЖ орқали ҳар икки йўналишдаги пул ўтказмалари номаълум муддатга тўхтатилган.

Нима сабабдан пул ўтказмаларини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида банк маълум қилмади. Банк «Золотая корона», «Астрасенд», Western Union, «Юнистрим» ва RIA халқаро пул ўтказмаларидан ҳамон фойдаланиш мумкинлигини эслатиб ўтди.

Аввалроқ МБанк ҳудди шундай чекловлар киритган эди.

20 август куни "Тазбек" нашри Қирғизистон Миллий банкидаги манбаларга таяниб маълум қилишича, бош регулятор тижорат банкларига Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШ санкциялари остидаги банклар билан ҳамкорликни тўхтатиш ҳақида огоҳлантирган.

Маълум қилинишича, тижорат банкларига "Сбербанк," "МТС Банк," "Тбанк" (Тинкофф) ва миллий тўлов тизими оператори "НСПК" каби банклар билан ҳамкорлик қилишдан тийилиш буюрилган. Кейинроқ Қирғизистон Миллий банки "Тазбек" нашрига тижорат банклари томонидан халқаро санкцияларнинг Қирғизистон банк тизимига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.

Август ойи бошида Қирғизистон Миллий банки раҳбари Мелис Турғунбоев АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Лесли Вигери билан учрашув ўтказди ва иккиламчи санкцияларни минималлаштириш чораларини муҳокама қилди. Учрашувда Турғунбоев Миллий банк томонидан айрим давлатларга нисбатан жорий этилган халқаро санкцияларнинг Қирғизистон банк тизимига эҳтимолий таъсири доимий баҳоланишини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG