АҚШнинг Пенсилвания Шарқий округи округ судида Тожикистон фуқаросига қарши иш бўйича суд жараёни бошланди.
Ибодулло Муҳиддинов собиқ рафиқасини таъқиб қилишда, одам савдоси билан шуғулланувчи ва Россиядан фаолият юритувчи йирик трансмиллий тармоққа алоқадорликда айбланмоқда.
Озодлик радиоси 20 август куни суд ҳужжатларнинг нусхалари билан танишди. Ҳужжатларда қайд этилишича, Муҳиддинов ўзини айбдор деб ҳисобламаган.
Муҳиддинов суд ҳужжатларида С.К. деб кўрсатилган собиқ рафиқасини ўзи алоқадор бўлган Россия одам савдоси тармоғи орқали Тожикистондан АҚШга ноқонуний равишда олиб ўтган. Улар кейинчалик ажрашиб кетган, бироқ эркак собиқ аёлига таҳдид қилаверган ва уни доимо кузатиб юрган.
Терговчилар Тожикистон фуқаросининг бундай ҳатти-харакатининг сабабларини маълум қилишмаган, аммо бунга рашк сабаб бўлган деб тахмин қилиш мумкин.
У, шунингдек, аёлини бир неча бор интим видеоларга суратга олган ва уларни ошкор қилиш билан таҳдид қилган.
17 май куни Муҳиддинов ҳибсга олинган. Материалларда қайд этилишича, тинтувдан сўнг унинг телефонидан собиқ эр-хотиннинг 140 га яқин интим суратлари ва видеолари топилган. Агар унинг айби исботланса, унга 5 йилгача қамоқ жазоси ва 250 минг доллар жарима солиниши мумкин.
Терговчилар уни "катта молиявий ресурсларга эга ва Россиядан бошқариладиган" трансмиллий одам савдоси тармоғининг аъзоси деб ҳисоблашади. Тергов давомида 2022 йилнинг етти ойида Муҳиддиновнинг банк ҳисобварағига 2,3 млн доллардан ортиқ маблағ келиб тушгани, 2023 йилнинг уч ойида бошқа банк ҳисобварағида эса қарийб 2,2 млн долларлик транзаксиялар амалга оширилганлиги аниқланди.
АҚШдаги тожик диаспораси вакилларидан бири, бир неча йил аввал Ибодулло Муҳиддинов билан таниш бўлган шахс уни "тадбиркор ва тақводор инсон" деб таърифлаган.
Унинг телефонидан собиқ эр-хотиннинг 140 га яқин интим суратлари ва видеолари топилган, у шу видеоларни ошкор қилиш билан таҳдид қилган эди.