Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Афғонистон 2,5 миллиард долларлик ҳамкорлик шартномаларини имзолади


Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 17 август куни ҳукумат делегацияси ҳамроҳлигида Афғонистонга сафар қилган.

Бош вазир матбуот хизмати томонидан тарқатилган маълумотга мувофиқ, Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрида “Толибон” ҳаракати тузган ҳукуматда бош вазир вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, бош вазирнинг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ханафий, бош вазирнинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Кабир ва ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Амир Хон Муттақий билан икки томонлама учрашувлар ўтказган.

Ташриф чоғида Ўзбекистон ва Толибон ўртасида умумий қиймати қарийб 2,5 миллиард долларлик 35 та иқтисодий ва сармоявий битимлари имзоланди, дейилади Толибон баёнотида.

Келишувлар 1,4 миллиард долларлик сармоявий ва 1,1 миллиард долларлик савдо битимларини ўз ичига олади.

Улар энергетика, тоғ-кон саноати, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва таълим каби кўплаб соҳаларни қамраб олади.

Гарчи 2021 йил августида “Толибон” ҳаракати Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин Афғонистонга ўзбекистонлик бир неча вазир ва мулозим ташриф буюрган бўлса-да, ўтган уч йил ичида бу мамлакатда Ўзбекистон ҳеч қачон бош вазир даражасида тамсил этилмаган эди.

Расмий Тошкент дунёнинг кўплаб мамлакатларида террор ташкилоти деб тан олинган “Толибон” ҳаракати Афғонистонда иқтидорга келиши биланоқ толиблар билан мулоқотни йўлга қўйиш лозимлигини урғулаб келади. Расмий Тошкент 2021 йил сентябридан бери толибларга бир неча марта гуманитар ёрдам йўллаган, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказган ҳамда биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG