Дилмурод Раҳматуллаев 2016 йилда Андижон шаҳрига ҳоким этиб тайинланган. У 2017 йилнинг кузида шаҳардаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани ортидан интернетда машҳур бўлганди.
Собиқ амалдор бунинг учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари - 5,167 млн сўм миқдорида жаримага тортилган.
У 2018 йилнинг апрель ойида ўтказилган видеоселекторда шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун бюджет ташкилоти ходимлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини тадбиркорлардан гул ва дарахт кўчатларини анча қиммат нархга сотиб олишга мажбурлагани учун бош вазир томонидан ҳайфсан олган ҳамда охирги маротаба огоҳлантирилганди.
2019 йилнинг июнь ойида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислиги селектор йиғилишдан ёзиб олинган аудиоёзув тарқалган. Унда, хусусан, вилоят раҳбари Дилмурод Раҳматуллаевни ҳақоратли сўзлар қўллаган ҳолда танқид қилган.
2019 йилнинг 24 август куни Дилмурод Раҳматуллаевнинг интим муносабати акс этган расмлар ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан, 26 август куни у ҳокимликдан олинди.
Асли касби ўқитувчи бўлган Дилмурод Раҳматуллаев 2016 йилда Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси лавозимидан олиниб¸ Андижон шаҳар ҳокими вазифасига тайинланган эди.
Озодлик 2017 йил 21 ноябрида Андижон ҳокимининг пахтага кам одам чиқарган коллеж ва лицейлар директорларини “ҳайвон”, “шакал”, “эшак”, “падарингга лаънат” каби таҳқирловчи сўзлар билан ҳақорат қилгани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган эди.
Озодликка юборилган бу аудиоëзувда 18 ноябрь куни ўтказилган мажлисда Дилмурод Раҳматуллаев икки маҳалла фаолини “шакал, кампир, ҳаром” каби сўзлар билан ҳақорат қилган эди.
Бу ҳақоратлари учун Д.Раҳматуллаев суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари (5 миллион сўм) миқдорида жарима тўлашга ҳукм этилган эди.