Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Қозоғистон ID карта орқали чегарадан ўтишни муҳокама қилмоқда


Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари икки мамлакат фуқароларининг давлат чегарасини миллий ID карталар воситасида кесиб ўтишини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов маълум қилди.

“Бугунги кунда Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегараларни ҳақли равишда дўстлик ва яхши қўшничилик кўприги, деб аташ мумкин. 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ички ҳужжат – фуқаро ID картасини тақдим этган ҳолда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини кесиб ўтиш тартиби амал қилаётгани бунинг тасдиғидир. Худди шундай лойиҳа Қозоғистон томони билан ҳам муҳокама қилинмоқда”, – дея ёзади Комилов ўз мақоласида.

Мазкур лойиҳа илк бор ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида бошланган эди.
Эндиликда икки давлат фуқаролари ID-карталаридан (хорижий паспортни кўрсатмасдан) икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш, транзит, ҳаракатланиш учун фойдаланишлари мумкин.

Аввалроқ, Марказий Осиё етакчиларининг 9 август куни Остонада бўлиб ўтган йиғилишида, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда миллий ID-карталарни ўзаро тан олиш ва “Бир тур – бутун минтақа” тамойили асосида оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқишни таклиф қилганди.

XS
SM
MD
LG