Ссылки доступа

Фирибгарликда гумонланган аёллар Туркиядан Ўзбекистонга йўлланди


Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида шу йил Истанбулда қўлга олинган, фирибгарлик жиноятларини содир этганликда айбланиб, 2022 йилдан буён қидирувда бўлган 38 ёшли Дилафруз Мадиева 13 август куни Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси матбуот хизмати маълум қилди.

Бош консулхона хабарномасидан Мадиева моддий манфаат эвазига фуқароларни Истанбул орқали Америка ва Европа давлатларига юборишни ваъда қилиш орқали алдаб келгани англашилади.

Ўзбекистонлик дипломатлар мазкур аёл хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёхуд унинг қуйи тизимларига мурожаат қилишни сўрашган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси жорий йилда Истанбул шаҳрида қўлга олинган, фирибгарлик жиноятларини содир этганликда айбланиб, 2024 йилдан буён қидирувда бўлган 37 ёшли Барно Иноятова Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатган эди. Бону лақабли бу аёлнинг фирибгарлик билан боғлиқ айнан қандай жиноят содир этганликда гумонланаётгани очиқланган эмас.

XS
SM
MD
LG