Ссылки доступа

Қозоғистонда собиқ ички ишлар вазири 5 йилга "шартли" ҳукм қилинди


 Ерлан Тургумбаев
Ерлан Тургумбаев

Тургумбаев 2022 йил Январь воқеалари чоғида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминламаганлик, шунингдек, фуқароларга нисбатан қийноқ қўллаганлик бўйича куч ишлатар идоралар ходимларига нисбатан тергов доирасида ҳибсга олинганди.

Қозоғистонда суд 8 август куни собиқ ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаевни "мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш"да айбдор деб топиб, уни шартли равишда беш йилга озодликдан маҳрум қилди.

Бундан ташқари, суд уни ўн йил муддатга муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Шунингдек, суд Турғумбаевни махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш тўғрисида президентга тақдимнома киритилганини маълум қилди.

Прокурор уни беш йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган. Бироқ, Тургумбаев "ўзига қўйилган айбловларга тўлиқ иқрор бўлгани ва пушаймон бўлгани учун" шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Тургумбаев 2022 йил Январь воқеалари чоғида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминламаганлик, шунингдек, фуқароларга нисбатан қийноқ қўллаганлик бўйича куч ишлатар идоралар ходимларига нисбатан тергов доирасида ҳибсга олинган. Собиқ вазирнинг ишида давлат сири бўлган маълумотлар мавжудлиги учун бошқа маълумотлар оммага ошкор қилинмади.

2022 йилдаги Январь воқеаларидан кейин Қозоғистонда ёпиқ судлар натижасида Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Карим Масимов, унинг бир неча ўринбосари ҳамда собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов давлатга хиёнатда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган эдилар. Бектановнинг ўрнига ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари — Миллий гвардия ва ИИВ ички қўшинлари қўмондони Руслан Жақсилиқов тайинланган.

XS
SM
MD
LG