Қирғизистонлик курашчи Меерим Жуманазарова Париж Олимпиадасининг кумуш медалини қўлга киритди. Жуманазарова эркин кураш мусобақаси финалида америкалик Амит Элорга 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Жуманазарова 68 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этди.
24 ёшли Меерим Жуманазарова 2020 йилда Токиодаги Олимпия ўйинларида ҳам бронза медалини қўлга киритганди.
Жуманазарова Қирғизистон спорти тарихида илк бор икки карра Олимпиада совриндори бўлди.
Жуманазарованинг "кумуш" медали Қирғизистон терма жамоасининг ушбу ўйинлардаги иккинчи медали бўлди. Аввалроқ, курашчи Жоламан Шаршенбеков эронлик спортчи Меҳди Моҳсен Нежадни мағлуб этиб, бронза медалини қўлга киритган эди.
Шаршенбеков юнон-рум кураши бўйича 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган.
Жуманазарова Қирғизистон спорти тарихида илк икки карра Олимпиада совриндори бўлди.