Ссылки доступа

Вазирлик Ўзбекистонда Youtube секинлаганини рад этди


Ўзбекистонда YouTube секинлашиб қолганига оид иддао аввалроқ Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн кейинги ҳафта охирига бориб мамлакат ҳудудида YouTube видеохостингида видео юклаш тезлиги 70 фоизга пасайишини эълон қилгани ортидан пайдо бўлди.

Ўзбекистонда Youtube “нормал тартиб”да ишлаяпти, видеохостинг ишида узилишлар кузатилаётгани йўқ. Бу ҳақда Spot нашрига Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов маълум қилган.

Вазирлик мулозими Россияда видеохостинг секинлагани билан боғлиқ вазият Ўзбекистонда “мутлақо акс этмаслиги”ни билдирган.

“Агар Youtube бир мамлакатда секинлашса, бу унинг Ўзбекистонда ҳам секинлашишини англатмайди, яъни у битта мамлакатга боғланган эмас”, деган Шерзод Аҳматов.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар сўнгги кунларда Ўзбекистонда Youtube видеохостинги ишида секинлашув кузатилаётгани ҳақида шикоят қила бошлашган. Бунинг ортидан бошланган муҳокамаларда Youtube’дан видеоролик юклаб олишда секинлашув десктоп версияларда кузатилаётгани, мобил версияларда муаммо йўқлиги ҳақида ёзишган.

Ўзбекистонда YouTube видеохостинги секинлашганига оид иддаони “Ўзбектелеком” матбуот котиби Тимур Мамажонов ҳам рад этган.

“Ҳозирги пайтда “Ўзбектелеком” акциядорлик ширкати (UZTELECOM бренди) томонидан кўрсатилаётган телекоммуникацион хизматларнинг барчаси одатдаги тартибда кўрсатилмоқда. Ҳеч қандай чеклов йўқ”, деган мулозим Kun.uz нашрига.

Ўзбекистонда YouTube секинлашиб қолганига оид иддао аввалроқ Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн кейинги ҳафта охирига бориб мамлакат ҳудудида YouTube видеохостингида видео юклаш тезлиги 70 фоизга пасайишини эълон қилгани ортидан пайдо бўлди. Хинштейн бу қадамни видеохостингнинг “аксилроссия сиёсати” сабаб бўлганини билдирган. Депутатга кўра, чеклов чоралари видеохостингнинг десктоп версиясигагина тааллуқли бўлади, мобил версияга дахл қилинмайди.

Россия ҳудудида видеохостинг ишидаги илк узилишлар ҳақида илк бор 11 июль куни хабар берилган эди. Ўшанда “Ростелеком” ширкати “Google ширкатига тегишли бўлган жиҳозлар ишида техник муаммолар” мавжудлигига оид хабарнома ёйинлаган. Бунинг ортидан “Медуза” нашрининг телекоммуникация соҳасидаги манбаси Россияда расмийлар YouTube ишини чеклашни бошлаган бўлиши мумкинлигини билдирган.

XS
SM
MD
LG