Ссылки доступа

Қирғизистонда йил бошидан уйланиш мақсадида олтита қиз олиб қочилган


Яқиндан бери ушбу жиноят оғир жиноятлар тоифасига киритилган, яъни жиноий иш жабрланувчининг аризасисиз қўзғатилади, айбдор шахс эса тарафлар ярашуви муносабати билан жавобгарликдан озод қилиниши мумкин эмас.

Қирғизистонда йил бошидан уйланиш мақсадида олтита қиз ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда 31 июль куни бўлиб ўтган брифингда Қирғизистон ИИВ Тергов хизматининг ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Элиза Шалбаева маълум қилди.

5 та ҳолат бўйича материаллар судга юборилган, жиноят таркиби йўқлиги сабабли 1 та иш тугатилган. Ушбу жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилган, яъни жиноий иш жабрланувчининг аризасисиз қўзғатилади, айбдор шахс эса тарафлар ярашуви муносабати билан жавобгарликдан озод қилиниши мумкин эмас.

Шунингдек, ярим йилда "Шахсни никоҳланишга мажбурлаш" моддаси бўйича иккита жиноий иш очилган, бири судга юборилган, иккинчиси бўйича иш юритиш тўхтатилган.

Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 175-моддаси ("Диний маросимларни ўтказишда никоҳ ёшига оид қонунчиликни бузиш") га кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан 21 та ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг 70 фоизи судга юборилган ва учта ҳолат бўйича жиноят таркиби йўқлиги сабабли иш тугатилган.

Қирғизистонда уйланиш мақсадида қизларни ўғирлашга жазо кучайтирилганига қарамай, бундай ҳолатлар ҳамон содир бўлмоқда. Сўнгги йилларда энг резонансли ҳодисалардан бири 2021 йил апрель ойида Бишкекда содир бўлган. Ўшанда 27 ёшли Айзада Канатбекова ўғирлаб кетилган эди. Орадан икки кун ўтиб, қиз ва унинг қотили Замирбек Тенизбаевнинг жасади даладан топилган. Тергов маълумотларига кўра, йигит уйланиш учун қизни ўғирлаган, аммо қиз оҳиргача буни рад этган. Охир-оқибат, олибқочар уни зўрлаб, ўлдиради ва кейин ўз жонига қасд қилади.

XS
SM
MD
LG