Ссылки доступа

Туркия Душанбеда виза марказини очди


Туркия Тожикистон фуқаролари учун визани 2024 йил апрель ойида ҳеч қандай изоҳсиз жорий қилганди.

Туркиянинг Душанбедаги элчихонаси виза марказини ишга туширди. 5 августдан қабулни бошлайдиган марказда бир туристик виза нархи 180 доллар бўлиши кутилмоқда.

Туркия элчихонаси вакилининг сўзларига кўра, виза марказида туристик, ишчи, ўқув ва ишбилармонлик визалари берилади. Исми сир қолишини истаган ушбу ходим Тожикистон фуқароларининг тахминан 90 фоизи туристик визалар учун мурожаат қилишини айтди.

"Бир марталик ташриф визаси 60 доллар туради. Марказда хизмат кўрсатиш ва сайёҳлик суғуртаси учун йиғимлар яна 120 долларни ташкил этади. Яъни, умуман олганда, туристик визанинг нархи 180 долларни ташкил этади. Ишчи визасининг нархи юқорироқ бўлади," - деди у.

Туркия Тожикистон фуқаролари учун визани 2024 йил апрель ойида ҳеч қандай изоҳсиз жорий қилганди. Туркия томонидан бундай чоралар кўрилишига "Крокус Сити Холл"га қилинган террорчилик ҳужуми, шунингдек, Истанбулдаги черковга ҳужумда Тожикистон фуқароларининг эҳтимолий иштироки сабаб бўлган, деган фикрлар мавжуд.

Туркия Тожикистонга сармоя киритган давлатлар орасида 14-ўринни эгаллаб турибди. Икки давлат ўртасидаги йиллик товар айирбошлаш ҳажми яқин вақтгача 363 миллион долларни ташкил этган бўлса, ҳозирда виза режими жорий этилиши туфайли пасайган.

XS
SM
MD
LG