Афғонистоннинг "Қўштепа" канали қурилиши бўйича лойиҳанинг иккинчи қисми 58 фоизга якунланди. Бу ҳақда Қўштепа каналини ривожлантириш миллий компанияси лойиҳаси вакили Саид Забиҳулла Мирий Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Ҳозирда қурилишда 3,5 минг киши ва 3 мингта машина иштирок этмоқда.
"Қўштепа" канали 5 йилдан сўнг ўз фаолиятини бошлайди, дея қўшимча қилган Саид Забиҳулла Мирий.
Толибон режасига кўра, "Қўштепа" канали Балх, Жаузжон ва Фарёб провинцияларида 500 минг гектарга яқин ерни сув билан таъминлаши керак.
Аввалроқ "Қўштепа" каналининг ишга туширилиши Афғонистонга ўртача 500 миллион доллар йиллик даромад келтириши хабар қилинганди. Бу ҳақда сув ресурсларини бошқариш бўйича афғон эксперти Нажибулла Садид маълум қилди.
Аввалроқ канал тўлиқ қуриб битказилгач, Афғонистон 15 фоизгача сувни Амударёдан олиши Ўзбекистон ва Туркманистон учун жиддий муаммо яратиши хабар қилинганди.
Режага кўра, каналнинг узунлиги 285 км, кенглиги 100 метр, чуқурлиги деярли 8,5 метр бўлиши керак. Қурилиш лойиҳаси беш йилга мўлжалланган (қурилиш 2022 йил март ойида бошланган) ва у якунлангач, Афғонистон Амударё сувининг камида учдан бир қисмини олади.