Ссылки доступа

Ярим йилда 3400 тожикистонлик Россия аэропортларидан қайтарилган


Тожик мулозимлари буни "муҳожирларнинг ҳужжатларидаги  муаммолар" билан изоҳлашга уринмоқда.

Жорий йилнинг олти ойида Тожикистоннинг 3400 фуқароси Россия аэропортларидан қайтариб юборилди. Бу ҳақда 24 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат фуқаро авиацияси агентлиги директори Ҳабибулло Назарзода маълум қилди.

Назарзоданинг айтишича, тожикистонликларни депортация қилиш йилнинг бошида авжига чиққан ("Крокус"даги терактдан кейин - таҳр.). Кўплаб муҳожирлар ўша фожиали воқеалардан сўнг ҳеч қандай сабабсиз Россия аэропортларидан депортация қилинган эди, бироқ Назарзода буни "муҳожирларнинг ҳужжатларидаги муаммолар" билан изоҳлаган.

"Мигрантларга ҳужжатлардаги камчилик деб Россия ҳудудига кириш рад этилди. Масалан, таклиф қилувчи номаълум, иш жойи номаълум. Фуқароларимизнинг 95-99 фоизи қаерга бораётганини билади, лекин кўпчилиги чегарада ўзини йўқотиб қўяди, бу саволга аниқ жавоб беролмайди. Сабаби шу, бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқ," - дея таъкидлади Назарзода.

Матбуот анжуманидаги кенг муҳокамалар давомида ҳам Назарзода мигрантларни киритмасликка "сиёсий сабаблар" эмас, балки ҳужжатларидаги камчиликлар эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилган.

Россияда ноқонуний миграцияга қарши кураш Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”да март ойида содир этилган теракт ортидан кучайиб кетган. Россиялик расмийлар мазкур террор хуружининг амалга оширилишида бир неча тожикистонлик гумонлашмоқда.

Россияда мигрантларга қарши кайфият кучайиши манзарасида ўзбекистонликлар дохил Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари мамлакат ҳудудига киришда узоқ муддатли текширувлардан ўтаётган ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG