Профессор Абдулахат Қаҳҳоров Тошкентдаги хонадонидан ўлик ҳолда топилди. 73 ёшли социолог олим ўз уйида қотиллик аломатлари билан топилганини Бош прокуратура матбуот хизмати тасдиқлади.
Қайд этилишича, 18 июль куни соат 22:00 атрофида унинг қўшнилари «102» рақамига қўнғироқ қилиб, Абдулахат Қаҳҳоровнинг уйида шовқин овози эшитилаётгани тўғрисида хабар берган. Шу бўйича тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига етиб борган.
Ходимлар хонадонга киришганида балкон қисмида профессор танасининг турли қисмида кесилган тан жароҳатлари билан вафот этгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи шахс ушланган. Содир этилган жиноят сабаблари аниқланмоқда, дейилади хабарда.
Социология фанлари доктори, бунгача ИИВ академияси профессори лавозимида ишлаган Абдулахат Қаҳҳоров «Шарқий Туркистоннинг қадимги ипак йўли сирлари» (2017) китоби муаллифи ҳисобланади. У турк ва уйғур тарихининг кам ўрганилган масалалари билан шуғулланган. Китоб изоҳида айтилишича, Қаҳҳоров сўнгги юз йил ичида 1814−1914 йилларда Европа ва Россия саёҳатчиларининг изланиш йўлидан борган Марказий Осиёдан биринчи олим бўлган.
Гумонланувчи шахс ушланган. Содир этилган жиноят сабаблари аниқланмоқда.