Ссылки доступа

Украинада асирга тушган қирғизистонлик Россияга қайтарилди


Турсуновнинг айтишича, у ҳарбий хизматга шартномани мажбуран имзолаган, бунинг учун унга пул ва Россия паспорти ваъда қилинган.

Украинада асирга тушган қирғизистонлик Россияга қайтарилди. Бу ҳақда Украинанинг ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаби "Хочу жить"га таяниб, "Украина - Марказий Осиё" телеграм канали хабар бермоқда.

Турсунов 17 июль куни Россияга қайтарилган - шу куни Украина ва Россия "95 га 95" форматида асирлар алмашган. Асирлар алмашилганлиги ҳақида аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги хабар берган эди. Бундан ташқари, Турсуновнинг исми озод қилинган россиялик ҳарбийлар рўйхатида бўлиб, буни Россия ҳарбийларини қидириш ва уйга қайтариш билан шуғулланувчи "Наш Выход" ижтимоий ҳаракати эълон қилган.

57 ёшли Алишер Турсуновнинг қўлга тушгани ҳақидаги видеоси май ойида тарқалди. Турсунов ўзининг Қирғизистон фуқароси, асли ўшлик эканини таъкидлаган. У Рязанга ўғлининг олдига келганида полиция уни қўлга олганини айтди.

Турсуновнинг айтишича, у ҳарбий хизматга шартномани мажбуран имзолаган, бунинг учун унга пул ва Россия паспорти ваъда қилинган. Видеонинг охирида у урушга ўз ихтиёри билан бормаганини айтди ва Қирғизистон расмийларидан ватанига қайтишда ёрдам сўради.

Алишер Турсунов Украинада Россия томонида жанг қилган ягона қирғизистонлик эмас.

XS
SM
MD
LG