Қирғизистон президенти Садир Жапаров 18-19 июль кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев маълум қилди.
“Ташриф доирасида Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама музокараларни олиб боради. Томонлар ўзаро манфаатли бўлган барча йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳамда қирғиз-ўзбек алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишади”, дея билдирган қирғиз мулозими.
Азимбакиев президент Жапаров Тошкентда Ўзбекистондаги Қирғизистон маданияти кунларини расмий очилиш маросимида, шунингдек, мезбон президент билан биргаликда икки томонлама лойиҳаларнинг онлайн очилиш маросимида иштирок этишини маълум қилган.
Бундан ташқари, Садир Жапаровнинг ташрифи чоғида Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форуми ва икки давлат олий таълим муассасалари ректорларининг форуми бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Қирғизистон президенти Ўзбекистонга сўнгги марта ўтган йилнинг ноябрь ойида сафар қилган эди.
Жапаров Тошкентда Қирғизистон маданияти кунларини расмий очилиш маросимида, шунингдек, мезбон президент билан биргаликда икки томонлама лойиҳаларнинг онлайн очилиш маросимида иштирок этади.