Вазирлик қайдича, 1985 йилда туғилган аёлнин жасади Андижон шаҳридаги сойдан топилган. Маълумотларга кўра, марҳумани сув тошқини Ўш марказий бозоридан оқизиб кетган.
Аввалроқ қутқарувчилар сел қурбонига айланган бир аёл ва унинг уч қизи жасадини топган эдилар. Қирғизистон ФВВ 19, 10 ва 6 яшар опа-сингилларнинг жасади Андижондаги Шаҳрихонсойдан топилганини маълум қилганди. Онанинг жасади эса Оқбура дарёсининг ўзбек-қирғиз чегарасига яқин жойидан топилган.
Ўш шаҳар мэрияси она билан унинг уч қизини “Мол-Булак” дам олиш масканида бўлган пайтда сел оқизиб кетганини маълум қилган эди.
Табиий офат туфайли 14 июль куни қутқарувчилар Ўш шаҳри четида жойлашган Ўзгур қишлоғидаги “Бўрибой ота” дам олиш масканидан 500 дан зиёд кишини хавфсиз жойга эвакуация қилишган.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси маълумотига кўра, жорий йилнинг 20 апрелидан 1 июлигача мамлакат бўйлаб 230 дан зиёд сел-тошқин ҳодисаси қайд этилган. Қирғизистонда баҳор мавсуми бошидан буён сел оқибатида жами 10 киши қурбон бўлган.