Бишкекда троллейбус йўналишлари бутунлай олиб ташлаб, ўрнига электробуслар қўйиш ҳақидаги қарорга Бишкек ҳокими Ойбек Жунушалиев изоҳ берди.
"Ала-Too 24" нашрига берган интервьюсида ҳоким айтишича, бу чора шаҳарни троллейбус линияларидан тозалаш ва уларнинг ўрнига йўловчи ташиш учун замонавий талабларга жавоб берадиган кўпроқ мобил автобусларни ишга тушириш имконини беради.
"Троллейбус линиялари ҳам, реклама тахталари ҳам олиб ташланади. Электр линиялари ва кабеллар ер остидан ўтказилади.
Иккинчидан, троллейбус фақат маълум йўналишда юради, бу йўналишни вақтинча ўзгартириб туриш имконсиз. Электробуслар ва бошқа транспорт воситалари бу борада кўпроқ ҳаракатчан бўлгани учун бу тирбандлик муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради. Шунингдек, троллейбусдан фойдаланувчиларнинг сони ҳам мутассил камайиб бормоқда," - дея тушунтирган Жунушалиев.
Пойтахтдаги 100 та троллейбусни Ўш шаҳрига ўтказиш режалаштирилган. Троллейбуслар ўрнига 120 та аккумуляторли электробус олиб келишмоқчи.
Шаҳар фаоллари ва шаҳар кенгаши депутатлари пойтахт ҳокимиятининг режаларига қарши чиқмоқда. Бишкек шаҳар кенгашидаги "социал-демократлар" фракцияси депутатлари расмий қарор чиқмасдан троллейбус линиялари демонтаж қилингани сабабли прокуратурага мурожаат қилган.
Пойтахтдаги 100 та троллейбусни Ўш шаҳрига ўтказиш режалаштирилган. Троллейбуслар ўрнига 120 та электробус олиб келишмоқчи.