Ссылки доступа

Тожик ҳукумати Россияга кетаётганларга дактилоскопиядан ўтишни тавсия қилади


Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлигининг Москвадаги ваколатхонасининг ёзишича, фуқаролар шу тарзда Россияга киришга тақиқ мавжудлигини текшириб олгани маъқул.

Тожикистон ҳукумати Россияга кетаётган меҳнат муҳожирларига аввал дактилоскопиядан ўтишни тавсия қилди. Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлигининг Москвадаги ваколатхонасининг ёзишича, фуқаролар шу тарзда Россияга киришга тақиқ мавжудлигини текшириб олгани маъқул.

"Ишлашга келаётган кўплаб фуқаролари Россияда уларга нисбатан депортация қарори ёки киришга тақиқ қўйилганидан хабардор эмас. Натижада, улар Россия аэропортларидан ўз ҳисобидан Тожикистонга қайтиб кетмоқда", дейилади ваколатхона баёнотида.

Бироқ, сўнгги бир неча ой ичида Россия чегарасидан қайтариб юборилган муҳожирлар ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир этмаганини, тақиқ асоссиз эканлигини айтмоқда.

Тожик меҳнат муҳожирлари ҳолати тожикистонликлар содир этганликда айбланаётган Крокус залидаги терактдан сўнг кескин ёмонлашди. Ҳужум ортидан ксенофобия ва марказий осиёлик муҳожирларга қарши кайфият кучайди. Муҳожирларнинг айтишича, уларни полиция ёки Миллий гвардия тўхтатиб, ФСБ вакиллари билан "суҳбатлашиш учун" олиб кетишган. Бундан ташқари, полиция муҳожирлар яшайдиган ётоқхоналарга бостириб кирмоқда.

Аввалроқ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги “Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида ўта салбий муомала қилинаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар жойда бузилаётгани муносабати билан жиддий ташвиш” билдирган ҳолда, 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьевга норозилик нотасини топширган эди.

Шундан сўнг вазият ҳеч ҳам яхшиланмаган. Масалан, 26 апрелдан 30 апрелгача Внуково аэропортига учиб борган 3101 нафар тожикистонликдан 643 нафари тегишли шарт-шароитсиз бир неча куч ушлаб турилгани ортидан россиялик расмийлар томонидан юртига депортация қилинган. Бундан ташқари, яна 117 нафар тожикистонликни депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Москвадаги бошқа аэропортларда ҳам вазият мураккаб экани айтилмоқда.

Россияда бир миллионга яқин Тожикистон фуқароси истиқомат қилади.

XS
SM
MD
LG