Ссылки доступа

Ўзбекистонда “Вагнер” сафида жанг қилган фуқарога ҳукм ўқилди


Ўзбекистон фуқароси Россияда гиёҳванд моддалар савдоси учун қамалганидан сўнг “Вагнер” таркибида Украинадаги урушда қатнашгани учун 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар қилди.

2019 йил декабр ойида ишлаш мақсадида Россияга борган Шавкат Йўлдошев Москва шаҳридалигида гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси билан шуғулланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинади.

2021 йил сентябрида Калуга области Обнинск шаҳар суди томонидан Россия Федерацияси жиноят кодексининг 228-1-моддаси 4-қисми «а,г» бандлари билан айбли деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

Ш.Йўлдошев жазони ўташ даврида Россия ҳарбийлари таклифига кўра, 2022 йил октябрдан 2023 йил 22 апрелга қадар «Вагнер» хусусий ширкатида 6 ой хизмат қилиб, ушбу хизмати эвазига муқаддам суд ҳукмига кўра, тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилинган ва 950 минг рубл миқдорида пул мукофоти ҳамда РФнинг «За отвагу» кўкрак нишони билан тақдирланган.

У Россия фуқаролигини ололмагач, 2023 йил август ойида Ўзбекистонга қайтиб келганида терговга тортилади.

Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг шу йил 30 майдаги ҳукми билан Ш.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси ЖК 154-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилади ва 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.

Судланувчи судда берган кўрсатмаларида Украинанинг Луганск вилояти ҳудудида бўлиб, ҳарбий истеҳкомлар (блиндаж) қуришда иштирок этгани, «Вагнер» ташкилотининг ҳарбий ҳаракатларида иштирок этмаганини айтган.

XS
SM
MD
LG