Ҳукумат портали хабарига кўра, 3 июль куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги алоқалар дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланиб, ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Томонлар иқтисодий, инвестициявий, энергетика, транспорт-логистика, тоғ-конь саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишди. Бундан ташқари, ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Ушбу ташриф доирасида бир қатор вазирлик ва идоралар билан учрашувлар, икки томонлама бизнес-форум ҳамда Афғонистон маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилмоқда.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Ўзбекистон-Афғонистон бизнес-форумида ўзаро савдо 2023 йилда $866 млн.га етганини маълум қилди, деб хабар берди маҳаллий ОАВлар.
Шу билан бирга, меҳмонлар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги қатор ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюради ҳамда ўзбек халқининг бой маданий-тарихий мероси билан танишади.