Ташкилотнинг 1 июль куни тарқатилган баёнотида айни пайтда расмий Тошкент 2022 йил июшида Конституцияга тузатишлар лойиҳасига қарши Нукусдаги норозилик чиқишларини бостиришда ҳаддан зиёд куч қўлланилгани учун бирорта ҳам юқори лавозимли мулозим жавобгарликка тортилмаганига эътибор қаратган.
“Ўзбекистон раҳбарияти нафақат икки йил аввал Қорақалпоғистондаги норозиликлар чоғида ҳалок бўлганлар учун адолатни таъминлай олмади, балки ўшандан бери бошқа қорақалпоқ фаолларига нисбатан репрессиялар сезиларли даражада оширганига гувоҳ бўлдик”, деган ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.
HRW вакилига кўра, Ўзбекистоннинг ҳамкорлари мамлакат раҳбариятини яна бир бор адолатни таъминлашга чақиришлари ҳамда Қорақалпоғистонда ҳам, хорижда ҳам фаолларга нисбатан давом этаётган таъқибларни қоралашлари лозим.
2022 йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда аҳоли пойтахт Нукус шаҳрининг марказий майдонида оммавий норозилик акциясига чиққан. Одамлар Тошкентнинг Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомидан маҳрум этиш режасига шу йўсинда норозилик билдиришган. Ҳукумат намойишни куч билан бостирган.
Расмий Тошкент Нукус воқеаларида ҳуқуқ-тартибот идораларининг тўрт ходими дохил 21 киши ҳалок бўлди, деб баёнот берган.
2022 йил 7 ноябрида Human Rights Watch халқаро ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати Нукусдаги норозилик акциялари чоғида ўқотар қурол қўллаганини даъво қилиб, очиқ текширув ўтказишга чақирди.
Ташкилот воқеалар гувоҳлари томонидан 2022 йил 1 июлидан 1 августигача бўлган даврда ижтимоий тармоқларда ёйинланган 55 та видеороликни верификация қилиб, 31 та видеоёзув ва фотосуратда ўқотар қуролдан ўлганлар ёки ярадорлар акс этганини аниқлаган.
Ўзбекистон ҳукумати юз берган воқеалар сабабларини ўрганиш мақсадида парламент ҳузурида махсус комиссия тузган, аммо тафтиш натижалари жамоатчиликка эълон қилинган эмас.
Нукус воқеалари бўйича ўтказилган судларда умумий ҳисобда 61 киши жавобгарликда тортилган. Улар орасида одамларни тинч норозилик акцияларига чақиргани айтилаётган блогер ва адвокат Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.