Маълум қилинишича, гуруҳ мамлакатга террорчиларни эмас, балки мигрантларни олиб кириш билан шуғулланганини билдирган. Бироқ ушбу гуруҳга алоқадор бошқа бир жиноий уюшма ўтган йили ёзда ИШИД билан алоқалари ортидан “қора рўйхат”га тушган. Бу эса алоқадорларнинг ҳам гумондорлар рўйхатига қўшилишига олиб келган.
ИШИД билан алоқалари текширилаётган гуруҳ АҚШга 400 дан ортиқ шахсни олиб келгани тасдиқланган. Фуқароларнинг кўпчилиги Марказий Осиёдан, хусусан, Ўзбекистондан бўлган.
АҚШ ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас департамент фаолиятига доир ҳисобот тақдим этди, унда бу шахсларнинг ИШИДга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқлиги айтилади. Ҳозирда тергов давом этмоқда. Унда тергов қилинган 400 дан ортиқ шахснинг ИШИД билан алоқалари юзасидан далил топилмагани билдирилган. Бироқ уларни олиб келган гуруҳ террорчи ташкилотга билвосита ёрдам кўрсатган бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
АҚШда сўнгги бир ойда Тожикистон ва Ўзбекистон каби Марказий Осиё давлатларидан келган муҳожирлар устидан текширувлар кучайган. Сўнгги рейдларда 8 нафар Тожикистон фуқароси террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. Штат раҳбариятлари Ўзбекистон фуқароларининг ҳам жиноий гуруҳлар билан алоқадорлигини аниқлаш бўйича топшириқлар берган.
“Ўйлайманки, ўтган ёзда Ўзбекистон фуқаролари билан бўлган воқеа, ИШИДнинг глобал тармоғи ҳақида ҳозир билганимизни инобатга олсак, Марказий Осиё аҳолиси потенциал хавотирга сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди”, , деди CNN телеканалига АҚШнинг юқори мартабали расмийси.