Мазкур завод шу йил январда давлат раҳбарининг Хитойга ташрифи чоғида ишга туширилган эди. Бу қиймати 160 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, йилига 50 минг дона электромобил ишлаб чиқариш қувватига эга.
Бунинг учун қўшма корхона замонавий саноат инфратузилмаси билан таъминланди. Қарийб 2 километр темир йўл тортилди. Ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш учун бутловчи қисмлар омбори, 1 минг 200 та контейнер сиғимига эга логистика маркази қурилди.
Заводга Хитойдан роботлаштирилган тизимлар ва ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилган. Электромобилнинг геометрик ўлчамларини юқори аниқликда текширувчи лаборатория ташкил қилинган.
Президент ушбу имкониятларни кўздан кечирди, хитойлик шериклар билан суҳбатлашди.
Ҳозирда бу ерда Chazor ва Song Plus Champion моделлари ишлаб чиқарилмоқда. Шавкат Мирзиёев конвейердан чиққан илк электромобилга имзо қўйди.
Шу ерда давлат раҳбарига ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ахборот берилди. Келгуси йилларда заводда моделлар қаторини кенгайтириш режалаштирилган.
Қиймати 300 миллион долларлик иккинчи босқичда электромобиллар сонини йилига 200 минг донага, 500 миллион долларлик учинчи босқичда 500 минг донагача етказиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда корхонада 1 минг 200 киши ишлайди. Барча уч босқич жорий этилгач, иш ўринлари 10 мингтага етади.