Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф бу мамлакат бош вазири этиб сайланганидан сўнг илк хорижий ташрифи доирасида Тожикистонга келади.
Бу ҳақда 25 июнь куни Тожикистон ТИВ матбуот хизматига таяниб, Россиянинг ТАСС агентлиги хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, Шаҳбоз Шарифнинг Тожикистонга икки кунлик расмий ташрифи 2 июль куни бошланади. Ушбу ташриф Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан амалга оширилади. Икки давлат раҳбарлари 16 июнь куни бўлиб ўтган телефон мулоқотида ташриф тафсилотларини муҳокама қилган.
Покистон ҳам Тожикистон каби Афғонистон билан чегарадош ва Душанбенинг фаол сиёсий ҳамкори ҳисобланади.
Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. Тожикистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми паст, масалан, 2022 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 32 миллион доллардан ошди.