Рўзиев ҳозирда Ўзбекистонда қурилиш соҳаси жадал ривожланаётганини, айрим обектлардаги иш ҳақи Россия Федерациясидаги иш ҳақи билан рақобатлаша олишини таъкидлаган.
"Бугун Ўзбекистонда қурилиш ишлари жадаллиги кузатилмоқда ва табиийки, бизнинг иш ҳақи Россия Федерациясидаги айрим обектлар билан тенг... Шу боис, бу вазиятда Россия Федерациясига кетаётган фуқароларимиз сони камайиши учун тенденция бўлиши мумкин", — деди у Рўзиев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган видеоконференсия доирасида.
Алишер Рўзиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги баъзи йирик қурилиш обектларида қурилиш ишчилари ойига 500-600 доллар атрофида маош олади. "Шунга кўра, энди бундай иш ҳақи учун Россия Федерациясига бориш манфаатли эмас", дея қўшимча қилди у.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бўлим бошлиғи, шунингдек, сўнгги икки йилда агентлик фуқароларни хорижда иш билан таъминлаш географиясини, хусусан, Европада ишчи кучига бўлган талаб туфайли сезиларли даражада кенгайтирганини таъкидлади.
Июнь ойи бошида Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов сўнгги саккиз йил ичида Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 4-6 миллиондан 1 миллионга камайганини билдирган эди. Май ойининг охирида Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия президенти Владимир Путин ҳам шундай рақамни келтирди. Унинг таъкидлашича, Россия муҳожирларнинг иқтисодий тараққиётга қўшаётган ҳиссасини қадрлайди ва уларга муносиб меҳнат шароити яратиш учун барча зарур ишни қилмоқда.
10 май куни Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида 2024 йилнинг январь—март ойларида меҳнат миграциясидан 58 минг нафар, апрелда 57 минг нафар фуқаро қайтиб келгани маълум қилинганди. Йил охиригача яна 250-300 минг киши қайтиши прогноз қилинмоқда.