Ссылки доступа

Қорақалпоғистонда ИИБ бошлиғи муовини тамагирликда гумонланяпти


Қўнғирот туманида ИИБ бошлиғи ўринбосари товламачиликда айбланаяпти, дея маълум қилди Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши матбуот хизмати. Хабарномада ИИБ мулозимининг инициаллари кўрсатилган эмас.

Қайд этилишича, мулозим маҳаллий фуқарони унга доир бир сирни фош қилиш билан қўрқитиб, бу ишни қилмаслик эвазига ундан iPhone 15 Pro Max олиб келиб беришни талаб қилган.

Бунинг ортидан фуқаро Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасига мурожаат қилган. Мурожаатчи иддаосига кўра, майор унвонига эга мансабдор талаб қилинган смартфон олиб келинмаса, фуқаронинг шахсий сирини фош қилиб, уни жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилган.

Хабарномага мувофиқ, ДХХ вакиллари томонидан ўтказилган тадбирда “Қўнғирот туман ИИБ бошлиғи ўринбосари фуқародан талаб қилинган iPhone 15 Pro Max'ни олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган”.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда суд, прокуратура, Миллий Гвардия ва бошқа соҳада ишлайдиган мулозимларнинг пора олиш устида қўлга олинганига оид хабарлар кўпайган. Уларнинг айримлари ҳақида аввалроқ Озодлик ҳам хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG