12 июнь куни Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси АҚШ Молия вазирлигининг Россия қўшинлари Украинага бостириб киргани муносабати билан жорий қилган санкция рўйхатига киритилган.
АҚШ Молия вазирлиги хабарномасида янги санкциялар Россия Мудофаа саноатига сармоя ётқизишга кўмаклашишга йўналтирилмиш “Россия молия тизими архитектураси”га қарши қаратилгани айтилган.
“Санкциялар рубль конвертациясининг чекланиши, Россиядан валюта олиб чиқиш қимматлашиши, россиялик экспортерлар учун валютани манфаатли курсда сотиш қийинлашишига олиб келади”, деган CEPA илмий ходими Александр Коляндр The Bell нашрига.
Россия Марказий банки доллар ва евродаги савдолар биржадан ташқари майдонда амалга оширилишини билдирган. Рублга нисбатан расмий курсларни эса МБ банк ҳисоботи маълумотлари ҳамда биржадан ташқари савдо рақамли платформаларидан олинган маълумотлар асосида белгилайди.
“Банки.ру” сайти мониторинги натижаларига кўра, 12 июнь куни Россиядаги бир неча банк долларнинг сотилиш нархини кўтарган. Москвадаги валюта алмаштириш шохобчаларида 1 АҚШ доллари нархи 200 рублгача чиққан, Россия Марказий банки томонидан белгиланган расмий курс эса 89 рублдан кўпроқни ташкил қилмоқда.