Исроилнинг Ғазодаги мактабга зарбаси оқибатида ўнлаб одам ҳалок бўлди. Исроил ҳарбийларининг иддао қилишича, ҳаво зарбаси “аниқ разведка маълумотлари асосида” берилган ва ўлганларнинг ҳаммаси ҲАМАС ва “Исломий жиҳод” жангариларидир.
ҲАМАС вакилининг маълум қилишича, зарба оқибатида 40 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлган.
Ҳаво зарбаси Ғазо сектори марказидаги Нусейрат қочқинлар лагерида жойлашган БМТ қошидаги мактабга берилган.
Reuters таъкидлаганидек, Исроилнинг қочқинлар лагерига зарбаси оташкесим ҳақидаги музокараларнинг нозик бир палласида берилган. АҚШ президенти Жо Байден 31 май куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича янги режани эълон қилди. Режа деэскалациянинг уч босқичи, асосан, доимий сулҳ ва Исроилнинг Фаластин ҳудудидан чиқиб кетишини ўз ичига олади.
Қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар Исроил ва ҲАМАСни "Байден режасига" рози бўлишга ва муроса қилишга чақирган.
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Reuters таъкидлаганидек, Исроилнинг қочқинлар лагерига зарбаси оташкесим музокаралари нозик бир паллага етганда берилган.