Ўзбекистон Олий суди “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракатини “экстремистик ташкилот” деб тан олган ва уни тақиқлаган. "Мемориал" инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё бўйича дастури директори Виталий Пономарев маълум қилишича, тегишли қарор 22 февраль куни қабул қилинган.
Ҳуқуқбоннинг айтишича, ҳаракатнинг "экстремистик" деб топилгани ҳақида 30 май куни Хожейлида 6 йилга озодликдан маҳрум этилган Параҳат Мусапбаров иши бўйича чиқарилган суд қароридан маълум бўлди. Мусапбаровга қўйилган айбловлар орасида тақиқланган ташкилот сафида иштирок этганлик ҳам бор. Ҳукм матнида “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракати Олий суд томонидан тақиқланганлиги ҳам тилга олинган.
Мусапбаров иши Қорақалпоғистонда “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракатига мансублик бўйича қўзғатилган биринчи жиноий иш бўлиши мумкин.
Мусапбаров, жумладан, Қозоғистонда яшаётган даврда ижтимоий тармоқларда қолдирган кўплаб изоҳлари учун ҳам қамалган. Виталий Пономаревнинг айтишича, демак, “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракатига алоқадор виртуал гуруҳларда иштирок этиш "тақиқланган ташкилотда иштирок этиш" деб талқин қилиниши мумкин.
Ҳуқуқбонлар “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракатини тақиқлаш ҳақидаги "яширин" суд қарори қорақалпоқ фаолларига нисбатан жиноий ишларнинг кўпайишига ва жазонинг кучайтирилишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.
Х ижтимоий тармоғидаги “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракатининг аккаунти 6 июн куни Ўзбекистонда суд “Қорақалпоғистон демократик партияси” фаолиятини "экстремистик" деб таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида ёзди.
“Олға Қорақалпоғистон” ҳаракатига 2008 йилда Аман Сагидуллаев асос солган. Норвегиядан бошпана олган Аман Сагидуллаев 2023 йил 10 май куни сиртдан 18 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
55 ёшли Сагидуллаевнинг иддао қилишича, унинг мақсади тинч йўл билан, конституцияга мувофиқ Қорақалпоғистон мустақиллигига эришишдир.
Олий суднинг тегишли қарори 22 февраль куни қабул қилинган экан.