Ссылки доступа

ТММА Қозоғистондаги ўзбекларни миграцион рейдлардан огоҳлантирди


Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) Қозоғистонда юрган ўзбекистонлик муҳожирларни миграция қоидаларига риоя қилишни сўради.

Агентлик қайдича, 3 июндан бошлаб Қозоғистоннинг барча ҳудудларида миграция соҳасида ҳуқуқбузарликни аниқлаш мақсадида “Нелегал-2024” рейд тадбирлари ўтказиляпти.

“Ушбу рейд тадбирлари давомида Қозоғистон ҳудудида қонуний бўлиб туриш ва қонуний меҳнат миграцияси тартибини бузган чет эл фуқароларига нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда”, дейилган хабарномада миграцион қонунбузарлик ҳолатлари Олмаота, Остона, Чимкент шаҳарлари ва Мангистау вилоятида кўп учраётганини қўшимча қилинган.

Агентлик ўзбекистонликлар Қозоғистон ҳудудида 30 кунгача юриши мумкинлиги, бироқ бу давр мобайнида улар меҳнат фаолиятини амалга ошира олмасликлари, пул топиш мақсадида бу мамлакатга борган шахсдан дарҳол ишлаш учун ва вақтинча яшаш учун рухсатнома олиш талаб этилишини эслатган.

Қозоғистонда ноқонуний миграцияга қарши рейдлар ўтказилаётгани ҳақида маҳаллий матбуот ҳам ёзмоқда. Хусусан, Zakon.kz онлайн-нашри хабарига кўра, Олмаота шаҳрида ўтказилган рейд давомида мамлакат миграцион қонунчилигини бузган 27 нафар ўзбекистонлик қўлга олинган.

Олмаота шаҳар полиция департаменти томонидан 5 июнь куни тарқатилган маълумотда келтирилишича, текширув чоғида хорижликларнинг тўққиз нафари ёнидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат чиққан эмас.

XS
SM
MD
LG