Қозоғистон Сенати 6 июнь куни “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини икки ўқишда маъқуллади.
Қонун президент томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради.
Янгиланаётган қонунга кўра, ОАВ материалларига нисбатан даъво муддати уч йилдан бир йилгача, ОАВ мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 7 иш кунидан 5 иш кунигача қисқартирилмоқда.
Қонун лойиҳасининг энг мунозарали нормалардан бўлмиш пресс-карталарни жорий этиш ва “ноанъанавий жинсий алоқаларни тарғиб қилиш”ни тақиқлаш тўғрисидаги нормалар якуний ҳужжатга киритилмаган.
Қонун билан “ОАВ мониторинги” тушунчаси киритилмоқда. Унга кўра, мутасадди орган ОАВ Қозоғистон қонунчилигига риоя этилишини ҳамда “жамиятнинг маънавиятига ва умумбашарий, миллий, маданий ва оилавий қадриятларга зарар етказишни олдини олиш"ни назорат қилади.
Маҳаллий контентни ривожлантириш мақсадида ОАВга грантлар бериш механизми такомиллаштирилмоқда.
Журналистлардан ташкил топган ОАВ ўз-ўзини тартибга солиш жамоатчилик кенгаши тузилмоқда, бу кенгаш журналистларнинг аҳлоқ кодексини ишлаб чиқади.
“Ахборий мустақиллик” тушунчаси киритилмоқда. Унга кўра, 2027 йилгача қозоқ тилидаги теле ва радио дастурларнинг ҳафталик ҳажми 50 фоиздан 60 фоизга оширилади,хорижий контентнинг фоизи эса 20 фоиздан 10 фоизга қисқартирилади.
Қозоғистон “Чегара билмас мухбирлар”нинг сўнгги Матбуот эркинлиги индексида 180 давлат орасида 142-ўринни эгаллаган.
Қонун лойиҳасининг энг мунозарали нормалардан бўлмиш пресс-карталарни жорий этиш ва “ноанъанавий жинсий алоқаларни тарғиб қилиш”ни тақиқлаш тўғрисидаги нормалар якуний ҳужжатга киритилмаган.