Ссылки доступа

Мирзиёев Эрдўғон таклифига биноан Анқарага етиб борди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июнь оқшомида рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида Анқарага етиб борган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, президент Эрдўғон таклифига биноан Туркияга расмий ташриф билан борган Мирзиёевни “Эсенбўға” аэропортида вице-президент Жевдет Йилмаз ва бошқа расмийлар кутиб олишган.

Ташриф дастурига мувофиқ, 6 июнь куни икки президент Анқарада олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишини ўтказиши кутилмоқда.

“Музокаралар доирасида Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинади”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Шунингдек, Мирзиёевнинг мезбон президент билан биргаликда илк маротаба икки мамлакат етакчи корхоналари ва компаниялари раҳбарлари билан қўшма учрашуви ўтказилиши ҳам режаланган.

Мирзиёев сўнгги бор Туркия пойтахтига ўтган йилнинг март ойида сафар қилган. Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммити муносабати билан Анқарага борган Ўзбекистон президенти ўшанда туркиялик сайловчиларни май ойида бўлиб ўтадиган президент сайловида амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон номзодини “тўлиқ қўллаб-қувватлаш”га чақирган эди. Ўша сайловнинг иккинчи босқичида Эрдўғон 52,14 фоиз овоз билан яна бир муддатга президентликка сайланганди.

XS
SM
MD
LG