Ички ишлар бошқармаси видеоролигида қайд этилишича, 26 ёшли Иброҳим Муҳиддинов пул топиш мақсадида 2018 йили Туркияга йўл олган. У ерда андижонлик йигит, ИИБ иддаосига кўра, “Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар ва бошқа террористик ташкилотлар тарғиботчилари таъсирига тушган”.
Муҳиддинов 2019 йили Туркиядан Сурияга ўтиб, “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган.
Андижонлик ҳуқуқ-тартиботчилар ўтказган тезкор тадбир ортидан Иброҳим Муҳиддиновга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-моддаси (терроризм), 155-2-моддаси (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) ва 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва у халқаро қидирувга берилган.