Ссылки доступа

Фармон: Давлат корхоналаридан эксклюзив ҳуқуқлар олиб қўйилади


Ўзбекистонда бир қатор йирик давлат конхоналари иқтисодий фаолиятни амалга ошириш бўйича эксклюзив ҳуқуқлардан маҳрум этилади.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 3 июнь куни имзоланган “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда қайд этилган.

Ҳужжат “Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигига эришишни жадаллаштириш” мақсадида қабул қилинган.

Матни ЎзА сайтида ёйинланган фармонга мувофиқ, 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб “Ўзметкомбинат” АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи, “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи,

“Ўзтрейд” АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи, “Ўзкимёимпекс” МЧЖнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи бекор қилинади.

Шунингдек, ҳужжат билан 2026 йил 1 июлидан бошлаб “UzGasTrade” АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи ҳамда “Ўзэнергосотиш” АЖнинг электр энергияси экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи бекор қилиниши кўзда тутилган.

Фармонда 2025 йил 1 январидан бошлаб қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо фаолиятларини лицензиялаш тартиби жорий этилиши, мобиль ва (ёки) симли телекоммуникация тармоқларига эга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритадиган телекоммуникация операторларига тезкор-қидирув фаолияти, ахборот ва киберхавфсизлик тизимлари талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқи берилиши айтилган. Айни пайтда мазкур санадан бошлаб бюджет буюртмачилари томонидан, шу жумладан, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тузиладиган шартномалар бўйича тўловлар тегишли тартибда Ғазначилик хизмати бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилгандан (ҳисобга олингандан) сўнг амалга оширилади.

Ҳужжатда 2026 йил 1 июлидан бошлаб корпоратив буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган харидларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилган имтиёзлар ва преференциялар, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг DDP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдордаги преференцияси ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган электротехника ва электромаиший маҳсулотларга нисбатан 20 фоизгача нарх преференцияси бекор қилиниши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, фармонга кўра, 2024 йил 1 августига қадар божхона божлари Жаҳон савдо ташкилоти меъёрларига мувофиқ равишда қайта кўриб чиқилиши лозим.

XS
SM
MD
LG