Ссылки доступа

Мусулмонлар идораси чиқарилган фатво юзасидан узр сўради


Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази томонидан биткоин, ноткоин ва бошқа шу каби криптавалюталарда савдо-сотиқ қилиш Ислом динида шаръан жоиз ҳисобланмаслиги ҳақида фатво чиқарилганди.

Кейинроқ марказ ушбу постни ўчириб ташлади ва муаммо ўрганиш ва изланишни талаб қилаётганини айтиб, узр сўради.

Фатво маркази мазкур хабар техник сабабларга кўра, эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинганини маълум қилди.

Билдирилишича, Фатво маркази директори шайх Нуриддин Холиқназар ва унинг ўринбосарлари Ҳаж сафарида, мазкур фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмаган ва шунингдек, замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

"Сиз азизлардан узр сўраган ҳолда ушбу фатво устидаги илмий тадқиқотларни ниҳоясига етказиб, қайта эътиборингизга ҳавола қилинишини маълум қиламиз", дейилади хабарда.

Дастлабки хабарномада криптовалюталар савдоси ҳозирга қадар Дунё мусулмон улармолари бирлашмаси, Саудия Арабистони кибор уламолари ҳайъати, Миср Араб Республикаси “Дорул ифто” фатво маркази, Иордания фатво идораси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатво маркази, Ливия фатво уйи ва Фаластин фатво маркази каби нуфузли фатво уюшмалар томонидан ҳаром деб топилгани қўшимча қилинган.

XS
SM
MD
LG