Ссылки доступа

Тошкентда “Бахти Ташкентский” ва шерикларининг суди бошланди


Тошкентдаги Юнусобод туман суди биносида 3 июнь куни Бахтиёр Қудратуллаев ва яна 36 кишининг жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда суд жараёни очиқ ўтаётганини, Қудратуллаевнинг эса судья саволларига жавоб бераётганини кўриш мумкин.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов аввалроқ ўз Телеграм-канали орқали “Бахти Ташкентский” ва шерикларига оид жиноят иши Шайхонтоҳур туман судининг раиси Толибжон Обидов раислигида кўриб чиқилишини билдирган.

Олий суд вакили судланувчилар Б. Қудратуллаев, Ш. Курбанов, Б. Зафаров, Ш. Раҳимов, А. Ходжаев, Д. Шарипов, А. Мирзаханов, Ш. Сулаймонқулов, А. Норкулов, С. Хатамов, Н. Жуманиязова, Р. Шакуров, Ш. Қудратуллаев, Т. Турмонов, Ф. Вапаев, М. Насирходжаев, Д. Мўминхўжаев, М. Усмонбоев, М. Шодманов, Б. Худаяров, А. Машрафханов, В. Курбанов, А. Махамадиёров, А. Джураев, Б. Бакаев, И. Қудратуллаев, А. Алиев, Ж. Солиев, А. Турсунбоев, Б. Нармирзаев, Ф. Камалов, М. Мирзоев, Н. Багадиров, А. Шчелёв, М. Курбанов, О. Исламов ва М. Ибадуллаев, дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104, 109, 138, 165, 168, 228, 242, 243, 273, 276 ва 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётганини қайд этган.

Аввалроқ “Бахти Ташкентский” дохил 37 кишининг суди 29 май куни Шайхонтоҳур туман судида бошланиши ҳақида маълумот ёйинланган, бироқ суд ОАВга номаълум сабабларга кўра бошланмаган эди.

53 ёшни қоралаган Бахтиёр Қудратуллаев ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида қўлга олинган эди. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимини қонуний талабини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва 15 суткага қамалган.

Декабрь ойи бошида Тошкент шаҳар ИИББ Бахтиёр Қудратуллаев 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисмида (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш) ҳам гумонланаётганини билдирганди.

Ўзбекистонда “Долзарб қирқ кунлик” тадбирлари давомида “Бахти Ташкентский” ва яқинларидан ташқари Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев, Саидазиз медгородок” лақабли Саидазиз Саидазимов, “Зики эски шаҳар” лақабли Лутфулла Умаров, “Бохо завхоз” лақабли Баҳодир Султонов ҳамда жиноят оламининг бошқа вакиллари қўлга олинган эди.

Маълумотларга кўра, аввалроқ суд ҳукми билан Салим Абдувалиев 6 йилга, Лутфулла Умаров 6 йилу 2 ойга, Баҳодир Султонов 10 йилга қамалган, Саидазиз Саидазимовнинг суди ҳақида эса ҳозирча бирор расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG