Ссылки доступа

Қатар Ўзбекистондан ишчи кучи жалб этишни бошлайди


Ўзбекистон бандлик вазири Беҳзод Мусаев ҳамда Қатар давлат Меҳнат вазири Жаноб Али бин Самиҳ ал-Марри ўртасида 2 июнь куни учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистондан Қатарга ишчи кучини жалб этиш, уларни тайёрлаш ва уюшган тарзда юбориш масалалари муҳокама қилинган, деб хабар қилди "Дунё".

Музокаралар давомида икки давлат раҳбарлари ўртасида яқин дўстлик ва биродарлик алоқалари ўрнатилгани ҳамда 2023 йилда уч маротаба олий даражадаги ташрифлар ташкил этилгани юқори баҳоланган. 2023 йил июнь ойида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Самарқандга ташрифи давомида икки давлат ҳукуматлари ўртасида ишчиларни ишга қабул қилиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланганига алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, қўшма қўмитанинг биринчи йиғилишини Тошкентда ўтказиш ва томонлар ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Қатарда иш билан таъминлаш бўйича ўзаро музокаралар уюштириш тўғрисида келишиб олинган.

Бундан ташқари, Қатар меҳнат вазирлиги талабига мувофиқ, кадрларни мамлакатдаги алоҳида марказларда ўқитиш бўйича фикр алмашилган.

Қатар томони охирги 10 йил давомида асосан қурилиш соҳасига хориждан кадрлар жалб этилаётганини, ҳозирги кунда эса туризм, соғлиқни сақлаш, транспорт, компьютер технологиялари ва бошқа соҳаларда малакали мутахассисларга талаб юқорилигини билдирган.

Учрашувда қайд этилганидек, икки давлат вазирликлари ўртасида қўшма комиссия тузилиб, унинг навбатдаги йиғилиши Қатарда ўтказилади ва унда ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид битим имзоланиши режалаштирилмоқда.

XS
SM
MD
LG