Ссылки доступа

Словения ҳукумати Фаластинни мустақил давлат деб тан олди


Словения ҳукумати Фаластин давлати мустақиллиги ва суверенитетини тан олди. Бу ҳақда 30 май куни Словения ТИВ маълумот тарқатди.

Фаластин мустақиллиги тамоман тан олиниши учун ҳукумат қарори мамлакат Миллий ассамблеяси – парламенти томонидан тасдиқланиши лозим. Бу иш яқин орада амалга оширилиши тахмин қилинмоқда.

Словения ташқи ишлар вазири Таня Файон: “Мен Словения ҳукумати бу тарихий қадамни қўйганидан хурсандман: исроиллик ва фаластинликлар ўз фарзандларини ўз мамлакатларида тинч, хавфсиз ва фаровон шароитда ўстириш ҳуқуқига эгалар. Фаластиннинг тан олиниши бу икки мамлакат ва халқнинг биргаликда тинч-тотув яшаши учун ягона йўлдир”, дея баёнот берган.

Словения ТИВ Европадаги бошқа мамлакатларни ўзидан ўрнак олишга чақирган. Вазирлик Словения Ғазо секторида ўт очишнинг тўхтатилиши, гаровдагиларнинг озод этилиши ҳамда Фаластин мухториятини қўллаб-қувватлаш учун ислоҳотлар амалга оширилишини талаб қилишини урғулаган.

Аввалроқ 28 май куни Европадаги уч мамлакат – Норвегия, Испания и Ирландия Фаластин давлати мустақиллигини тан олганини эълон қилган эди. Бунга жавобан Исроил Осло, Дублин ва Мадриддаги элчиларини чақириб олишини билдирган.

Исроил бир неча ойдан буён Фаластин мухториятига қарашли Ғазо секторида ҳарбий амалиёт ўтказиб келмоқда. Амалиёт АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужумига жавобан бошлатилган. ҲАМАС вакилларининг ўшандаги ҳужумида 1200 дан зиёд одам қурбон бўлган, 250 чоғли киши гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб чиқиб кетилган. Уларнинг 100 дан зиёди тақдири ҳақида ҳалигача ҳеч нарса маълум эмас.

Бу орада ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг сектордаги ҳарбий амалиёти чоғида тинч аҳоли вакилларидан 36 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлгани, 80 мингдан зиёд киши тан жаҳорати олганини билдирган.

Фаластин давлати мустақиллигига оид масала Исроил билан бир қаторда фаластинлик араблар давлати барпо қилиниши кўзда тутилган “икки халқ учун икки давлат” концепцияси билан боғлиқ. Бу концепция 1967 йилдаги олти кунлик урушдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг 242-резолюцияси шаклида расмийлаштирилган. Айни пайтда бу масала юзасидан Исроилда ҳам, Фаластин сиёсий кучлари орасида ҳам ҳеч қачон якдиллик бўлган эмас: исроиллик сиёсатчилар мустақил Фаластин давлати Исроилга мунтазам ҳужумлар учун базага айланишидан хавфсирашади, фаластинлик радикалларнинг кўпи эса яҳудий давлатининг мавжудлик ҳуқуқини ҳам тан олишмайди.

XS
SM
MD
LG