Ссылки доступа

Қирғизистонда журналист Актилек Капаров озод этилишини талаб қилиб ўзига жароҳат етказди


Актилек Капаров, журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ 11 нафар ходими қаторида январда ҳибсга олинган эди.

Бишкекдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган журналист Актилек Капаров озод этилишини талаб қилиб томирини кесди.

У ОАВ учун очиқ мактуб йўллаб, ўзига қўйилган айблар ва иш тафсилотлари ҳақида маълумот берди. Озодликка Капаровнинг мактубини унинг ҳамкасблари етказди.

Журналист ўз мактубида айтишича у беш ойдан бери ҳибсда Temirov Live ва “Айт, Айт деса” лойиҳалари каналларида эълон қилинган видеолавҳа деб сақланмоқда. Бироқ у ўтган йили бу лойҳаларни тарк этганини ва унга ҳамда бошқа ҳамкасбларига нисбатан очилган жиноий иш аслида уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқлигини айтмоқда.

“Ишончим комилки, менга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган видеолар деб таъқиб қилинмаяпман. Журналистлик фаолиятим, депутат ва мансабдор шахсларни жарима тўлашга мажбурлаганим учун таъқибга учраяпман. Юқори мансабдор шахсларининг коррупцион схемаларини аниқлаганим учун ўтирибман”, — деб ёзади журналист мактубида.

Журналистнинг айтишича, у, жумладан, президент Садир Жапаровнинг куёви, Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаровнинг яқинлари турли шубҳали тендерларда ғолиб бўлаётганини ёритгани учун таъқиб қилинмоқда.

Капаров ўз мактубида ноқонуний таъқибга эътироз сифатида қўлидаги томирларини кесганини айтган.

Актилек Капаров,журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ 11 нафар ходими қаторида январда ҳибсга олинган эди.

Журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" ва "оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

19 январь куни Президент Садир Жапаров Қирғизистонда журналистлар оммавий тартибда ҳибсга олинаётгани, қатор таҳририятларда тинтув ўтказилаётгани борасида изоҳ берар экан, ҳибсга олинганлар “профессионал журналист эмас”лигини ва улар “ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини” айтган.

Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаб кетган. 2022 йилда Қирғизистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингида 72-ўринда бўлган, 2023 йилда эса 122-ўринга тушиб қолган.

XS
SM
MD
LG