Суд маълумотларидан келиб чиқилса, Бахтиёр Қудратуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “г” банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 109-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш), 138-модда 1-қисми (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш), 165-моддаси 3-қисми “а” ва “в” бандлари (Товламачилик), 168-моддаси 4-қисми “а” ва “в” бандлари (Фирибгарлик), 228-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари ҳамда шу модданинг 3-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 242-моддаси 1-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 276-модда 2-қисми “а” ва “б” бандлари (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар), 277-моддаси 2-қисми “б” ва “в” бандлари (Безорилик) бўйича айбланмоқда.
53 ёшни қоралаган Бахтиёр Қудратуллаев ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида қўлга олинган эди. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимини қонуний талабини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва 15 суткага қамалган.
Декабрь ойи бошида Тошкент шаҳар ИИББ Бахтиёр Қудратуллаев 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисмида (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш) ҳам гумонланаётганини билдирганди.
Ўзбекистонда “Долзарб қирқ кунлик” тадбирлари давомида “Бахти Ташкентский” ва яқинларидан ташқари Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев, Саидазиз медгородок” лақабли Саидазиз Саидазимов, “Зики эски шаҳар” лақабли Лутфулла Умаров, “Бохо завхоз” лақабли Баҳодир Султонов ҳамда жиноят оламининг бошқа вакиллари қўлга олинган эди.
Маълумотларга кўра, аввалроқ суд ҳукми билан Салим Абдувалиев 6 йилга, Лутфулла Умаров 6 йилу 2 ойга, Баҳодир Султонов 10 йилга қамалган, Саидазиз Саидазимовнинг суди ҳақида эса ҳозирча бирор расмий маълумот йўқ.