Ссылки доступа

Мансаб суистеъмоли ҳақидаги журналистик суриштирувига Жапаров маъмуриятининг муносабати: Ит ҳурар, карвон ўтар


Журналистлар давлат буюртмаси билан амалга оширилаётган қатор йирик қурилиш лойиҳаларини президент Садир Жапаровга яқин одамлар назорат қилаётгани ва фойда топаётганини аниқлаган. 

Қирғизистон президенти маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими мудири Дайирбек Урунбеков қатор йирик қурилиш лойиҳаларини Жапаровга яқин одамлар назорат қилаётгани ҳақидаги журналистик суриштирувга "ит ҳурар, карвон ўтар" дея муносабат билдирди.

Урунбеков Озодлик нашрига берган изоҳида Temirov Live лойиҳаси, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP) ҳамда Kloop нашри ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштируви туҳмат ва бўҳтон эканлигини айтди.

"Клооп нашри ва журналист Болот Темиров аввал ҳам далилланмаган айбловларни тарқатган. Давлат манфаатларига зид бўлган материаллари учун Темиров мамлакатдан чиқариб юборилган, Клооп фаолияти тўхтатилган. Уларнинг навбатдаги суриштируви ҳам, назаримда, қоралаш мақсадида тайёрланган. Улар келтирган далиллар манипуляциядир. Ростини айтсам, уларга ҳеч ким ишонмайди. Мамлакатда амалга оширилаётган ишлар самарасини халқ кўриб турибди. Клооп ва Темиров аввал ҳам ёлғон маълумот тарқатган ва келажакда яна тарқатаверади. Бунга жавоб битта: “Ит ҳурар, карвон ўтар”. Раҳбаримиз Болот Темиров каби иғвогарларга муносабат билдирмаслик, чалғимаслик ҳақида кўрсатма берди. Шунинг учун бу суриштирувга эътибор бермаслик лозим”, деди Урунбеков.

Учта мустақил нашр давлат буюртмаси билан амалга оширилаётган қатор йирик қурилиш лойиҳаларини президент Садир Жапаровга яқин одамлар назорат қилаётгани ва фойда топаётганини аниқлаган.

Гап 11 йирик лойиҳа ҳақида кетмоқда. Шуларнинг 6 таси учун 137 млн доллар ажратилган, қолган 5 тасига ажратилган маблағ миқдори номаълум.

Бу лойиҳалар қаторида Балиқчидан Қора-Кечегача бўлган темир йўл учун шпаллар ишлаб чиқариш, Боткен вилоятида уй-жой қуриш, янги президент маъмурияти биноси қурилиши, Қоракўл аэропортини реконструкция қилиш, «Ала-Арча» давлат қароргоҳида уй-жойлар қуриш, Иссиқкўлда болалар реабилитация марказини таъмирлаш ва Бишкекда ипотека уйларини қуриш каби йирик қурилишлар мавжуд.

Ушбу лойиҳалар 5 та компанияга берилган. Бу компаниялар бир-бири билан боғлиқ бўлиб, уларнинг эгалари ёки бошқаруви президент Садир Жапаров ёки Президент Администрацияси раҳбари Қанибек Туманбоев билан боғлиқ.

"Аноним қолишни сўраган инсайдерларимиз ушбу лойиҳалар қандай ишлаши ҳақида батафсил маълумот берди. Уларнинг айтишича, энг катта ва молиявий жозибадор давлат қурилиш лойиҳалари Президент Администрацияси раҳбари Туманбоевга алоқадор шахсларга, баъзилари эса Жапаровнинг яқинларига топширилган. Бу компанияларнинг асл эгаси Туманбоев бўлиб, у номинал директорлар ва бошқарувчиларга буйруқ берад", - дейилади журналистик суриштирувда.

XS
SM
MD
LG